Ulug`bek izdoshlarining oltinlari

Улуғбек издошларининг олтинлари

Олис Кипр давлатидан хушхабар келди: ЎзМУ талабалари халқаро олимпиада ғолиби бўлдилар, 2 та олтин медаль қўлга киритилди!

Бу йилги баҳор наинки она юртимизга, балки бутун курраи заминга ўзгача тароват олиб келди. Бетакрор тароват ила ўзига хос файз-барака келаётганини ҳар лаҳзада ҳис этиб турибмиз. Баҳор фақат деҳқончиликка, она табиатгагина эмас, шу билан бир қаторда турли соҳаларга, илм-фанимизга ҳам файз киритаётгандек. Буни шу йил 1-6 март кунлари Протарас шаҳрида дунёдаги қатор мамлакатларнинг университетлари талабалари ўртасида математика фани бўйича ўтказилган 10-халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу нуфузли халқаро олимпиадада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси ғолиблик шоҳсупасидан муносиб ўрин эгалладилар!

Мазкур халқаро олимпиадада 20 дан ортиқ мамлакатнинг 43 та университети жамоаларидан 150 дан ортиқ энг иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Муросасиз ўтган беллашувлар аслида бугунги дунё ёшларининг илмга қанчалик интилишидан дарак берарди. Мусобақа шартларига кўра ёш математикларга бир кун давомида 4 тадан масалани ечиш талаб этилди. Масалалар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ ва комбинаторика каби мураккаб ечимларни талаб қиларди.

Юртимиз шарафи қалбларига ғурур бахш этган университетимизнинг Механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов ўша масалаларни ечишда ўзларига хос усулни танладилар. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг усуллари турлича бўлиб, стандартдан, яъни анъанавий ечимлардан анча фарқ қиларди! Ўзбек талабаларининг бу янги усулларига Ҳайъат аъзолари ва бошқа экспертлар тан бердилар!

Айтиш жоизки, Европа, Кипр, Болгария, Руминия математика жамиятлари томонидан ташкил этилаётган математика фани бўйича 10-Халқаро “SEEMOUS 2016” олимпиадасида Ўзбекистон Миллий университети жамоаси биринчи марта иштирок этаётганларига қарамай шундай натижаларга эришаётганлари таҳсинга лойиқдир.

Халқаро олимпиада натижаларига кўра Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов биттадан олтин медални қўлга киритган бўлсалар, яна бир талабамиз Мирмуҳсин Маҳмудов махсус диплом билан тақдирланди.

Энг қувончлиси шундаки, халқаро олимпиада ғолиби деган шарафли номга мушарраф бўлган иқтидорли талабаларимиз Кипр университети (“University of Cyprus”)га имтиёзли равишда грант асосида магистратурага қабул қилиндилар!

– Дунёга довруғи достон буюк аллома Мирзо Улуғбек бобомизнинг табаррук номи билан аталаётган Миллий университетимизда аллақачон математика илмий мактаби яратилганини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак,– дейди халқаро олимпиада ғолиби бўлган талабалар илмий раҳбари Давлатбой Жумабоев.– Ўтган асрда бу мактабга Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Сағди Сирожиддинов каби академиклар асос солган бўлсалар, янги асримизни уларнинг ишларини кимлар давом эттиришлари бугун кундек равшан бўлиб қолаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бахш этмоқда.

– Миллий университетимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган хайрли ишлар, таълим ва ўқув жараёнларидаги ислоҳотлар талабаларимизнинг янада пухта билим эгаллашларига, интеллектуал салоҳиятлари ошишига хизмат қилмоқда,– дейди ғолиб талабаларнинг яна бир илмий раҳбари Карим Раҳимов.– Анжуман доирасида қатор ривожланган давлатлар университетлари профессор-ўқитувчилари билан ўзаро суҳбатда бўлиб, таълим тизими юзасидан ўзаро фикр ҳам алмашдик. Келгусида ўша университетлар билан халқаро алоқалар, илмий ҳамкорликлар ҳамда талабалар алмашинувини йўлга қўйишга ҳаракат қиламиз.

Оққан дарё оқаверади, гул унган жойда турфа гуллар унаверади, деганларидек, азалдан илм-маърифат бўстони сифатида ном қозонган Миллий университетимизда буюк аждодларга мана шундай муносиб ворислар етишиб чиқаверадилар. Бугунги Улуғбек издошларининг шода-шода олтин медаллари эса университетимизнинг 100 йиллик тўйига муносиб туҳфадир!

Улуғбек УСМОНОВ

Xalqaro olimpiada g`oliblari haqida.


Izohlar
  • Ilm izlab, o`z ustida tinimsiz mehnat qilgan yoshlar har qanday dunyo shoxsupalariga chiqsa arziydi

    yozilgan 00:03 21.03.2016
  • Shunday yoshlar yurtimizni haqiqiy salohiyatini ko`rsatib beradilar

    yozilgan 23:48 20.03.2016
  • Bizda hali bunday iqtidorli yoshlar juda ko`p. Ularni yanada ko`proq yuksaltirishimiz kerak deb o`ylayman

    yozilgan 23:41 20.03.2016
  • Ajdodlarimiz bilan har qancha faxrlansak arzidi!

    yozilgan 23:32 20.03.2016
  • qoyil yigitlar!

    yozilgan 23:16 19.03.2016
  • Bunday tengdoshlar bilan qancha faxrlansang kam

    yozilgan 15:50 17.03.2016
  • Hakimboy Egamberganov bilan birga Urganch davlat universiteti qoshidagi 2-akademik litseyda o`qiganimni faxr bilan tilga olsam arziydi. Hakimboyni birinchi ko`r

    yozilgan 16:49 08.03.2016