ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”га ҳамда кучли ижтимоий сиёсат принципларига асосланган ҳолда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилди.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2016 йил 15 сентябрдан кучга кирди. Қонунга кўра, ёшларга оид давлат сиёсати деганда давлат томонидан амалга ошириладиган ва ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятини ривожланиши учун шароитлар яратилиши кўзда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чоралар тушунилади. Ҳужжатда “ёш фуқаролар” (14 дан 30 ёшгача бўлган шахслар), “ёш оила”, “ёш мутахассис”, “ёшлар тадбиркорлиги” каби тушунчаларга батафсил тўхталиб ўтилган. Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари тариқасида очиқлик ва шаффофлик, ёшларнинг мазкур сиёсатни амалга оширишдаги иштироки, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий-маърифий ва маданий қадриятлар устуворлиги, шунингдек, ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу Қонуннинг мазмун-моҳиятини талаба-ёшларга тушунтириш ва тарғиб қилиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан хамкорликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ 2016 йил 7 октябрь куни Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Шермухамедова Жамила Тошпўлатовна Фалсафа фанлари доктори, профессор, Республика Маънавият тарғибот маркази вакили, Мухитдинова Феруза Абдурашидовна Юридик фанлари доктори, Тошкент давлат юридик университети доценти, Чориев Икром Абдушукурович Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходими ҳамда институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этишди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар Биринчи Президентимиз Ислом Абдуганиевич Каримов рахнамолигида новқирон авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг келажаги йўлида доимий ғамхўрлик кўрсатишнинг миллий тизимига асос солингани таъкидлаб ўтдилар.

Тадбирда талаба-ёшларга Қонунни мазмун-моҳиятини чуқурроқ сингдириш ҳамда ёшларда ватанпарварлик руҳини янада юксалтириш мақсадида турли интерактив усуллардан фойдаланган ҳолда қизғин баҳс-мунозарага бой тарзида ўтди.

Иштирокилар томонидан мазкур қонунга оид саволларига мутахассислар томонидан аниқ тушунарли жавоблар берилди.


Izohlar