ҚИЁМАТГА ҚОЛГАН ҚАРЗ

Дунё яралибдики, яхшилик ва ёмонлик ўртасида беҳисоб урушлар, турли хил зиддиятлар бўлиб келмоқда. Ёмон ниятли кимсалар ўз мақсадлари томон янада чуқурроқ илдиз отмоқдалар. Бу ғаразли кимсалар таъсирига, ёш авлод, ҳали онги тўлиқ шакланмаган мурғак ёшлар тугул, ақли расо, оқ-қорани таниган кимсалар ҳам тушиб қолаётганлиги ачинарли ҳолат. Натижа, минглаб оилалар бузилиб, яна қанча ёш болалар етимлик кўйига тушмоқда. “Бу норасидалар тақдири нима бўлади?”, “Яна қанча оилаларнинг ёстиғини қуритади бу иллат?”, “Буни олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўрмоқ даркор?”

Шу каби саволлар юзасидан, Жорий йилнинг 5-февраль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Маънавият ва маърифат бўлими” томонидан ёшларни диний экстремизм ва терроризмдан огоҳ этиш мақсадида тадбир ўтказилиб, унда “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан тайёрланган “Қиёматга қолган қарз” фильми намойиш этилди.

Фильмда беҳисоб бойлик, мол-дунё орттириш илинжида она халқини, Ватанини сотишга ҳам тайёр турган разил ва хиёнаткор кишиларнинг, бегуноҳ инсонлар қонини тўкишдек тубанликни касб қилиб олган кимсаларнинг, жумладан, диндан ниқоб сифатида фойдаланиб, ёвузликнинг энг олий кўринишини очиқ-ошкора намойиш этаётган ватанфурушларнинг қилмишлари тўғрисида ҳикоя қилинган.

“Маънавият ва маърифат” бўлимининг бош мутахассиси Дилором Исакова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид Давлат дастурига асосан кенг кўламдаги ишлар, ёшларимизга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар, уларга нисбатан билдирилаётган ишонч ҳақида гапириб ўтди. Мана шундай яратилган шарт-шароитларга қарамай, ўз нафсининг қулига айланган, ёвуз ниятли кишиларнинг асл мақсадларини илғамай, уларнинг ҳийла-найранглари таъсирига тушиб, тўғри йўлдан озган, минг афсуслансаларда, ботган ботқоғидан чиқа олмаётган инсонлар борлиги афсус билан қайд этилди.

Талаба ёшлар ўртасида турли оқимлар таъсирига берилиб кетмаслик ҳамда алданиб қолмаслик, шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида суратга олинган “Қиёматга қолган қарз” фильми якунлангач, талабалар ундаги воқеа-ҳодисаларга ўз фикр–мулоҳазаларини билдиришди.

Мақола Инҳа талабаси Рашид Тожибоев томонидан тайёрланди.

Ёшларни маънан етукликка чорлаш


Izohlar