ўзбек тилининг ҳақиқий алифбоси қандай бўлиши керак эди?

Негадир бугун алифбо масаласига тўхталганда одамларда, ўзбек нутқини рус тилига мослаган кирилл алифбоси ёки “пишмаган” лотин алифбосинини қаерда қўллаш-у, қўлламаслик ўйлантириб келаётган “бош оғриғи”дир. Нега дейсизми? Марҳамат, кўчага чиқинг, рекламалар, баннерларга қаранг ёки 7-9 синфда ёки касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган ўқувчининг “мобил саводи”ни кузатинг...

Албатта, буни фақат алифбо алмашинувига йўйиб бўлмайди. Ўқувчи алифбо ва имлони мактабда ўрганади. Бугунги ва олдинги мактаб битирувчисининг саводи ўртасида анча фарқ бор. Демак, ўқитишда “нимадир” бўлаяпти.

Энди масаланинг туб моҳиятига кўчсак. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидан бошлаб, туркий халқлар қаторида бизда ҳам лотин графикасига ўтиш бошлаб юборилди. Албатта, бунда ўзбек тилидаги унли ва ундош товушларнинг аслида қанчалиги бўйича жуда кўп ва хўп баҳс кетган (ўша давргача фойдаланилган араб ёзувида фақат у, а ва и ҳарфларини билдирадиган белгилар бўлган). Умумадабий тил орқали бу муаммони ечиш лозим эди. Бунда тилшунослар ўзбек адабий тили учун қарлуқ лаҳжасининг Тошкент – Фарғона шевалари асос қилиб олинди ҳамда фонетик жиҳатдан Тошкент шевасига урғу берилган.

Тилшунослар 5, 6, 9, 12, 15 ва ҳатто 17 та унли товуш борлигини таъкидлашган. Натижада, 1929-1940 йиллар оралиғида алифбода бир неча “унли ўзгаришлар” рўй берди. Шундай пала - партишликлар оқибатида 1934 йилдан буён тилимиз шартли 6 та унлида қолиб кетди. Туркий тилларга хос бўлган сингармонизмнинг катта бўлмасада, тилимиздаги ўрнига эътибор берилмади.

1940 йилдан эса ўша давдаги “оға тил” алифбосига яқинлашиш мақсадида кирилл алифбосига ўтилиб, айни пайтда бу лексикамиз, орфоэпика ва имломизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Тилимизда ўзлашма ва ҳатто миллий сўзларимизни ҳам рус тилига ўхшатиб талаффуз қилиш бошланди. Бу ҳозирги кунга қадар ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Ўзлашма сўзлардаги Ҳ – бўғиз товуши тилимизда бўлсада, бировларнинг “оғзига қараб” Г ва Х га алмаштирдик. Голландия, Гамлет, Геродод кабилар қатори, Гейдар (Ҳайдар Алиев) ва Гамзатов (Расул Ҳамзатов) деган номлар пайдо бўлди. Энг ачинарлиси бугунги кунгача бу ҳолатни она тилимиздаги “норма” сифатида қабул қилфётганларни кўриб яна хунобингиз ошади.

Ачинарлиси, ўзбек тилининг товушлар системаси ва имло қоидаларини рус тилига мослаб, бизга ёт, лекин кирилл алифбосида бўлган –я, -ю, -ё, -е, -ц, - ъ, -ь мажбурлаб тиқиштирилди.

Жамиятимизда баъзи вакилларида бугунги кунда ҳам эскирган кириллни сақлаб қолиш ҳиссининг мавжудлигини, улардаги она тили тушунчасидаги имловий бўшлиғи билан изоҳлаш мумкин.

Мустақилликдан сўнг, илк навбатда, лотин ёзувли ўзбек алифбосини жорий этиш бошланди. Лотин ёзуви бугунги кунда дунё миқёсидаги ярмидан кўп тилларни бирлаштирган халқаро мулоқот алифбосидир. Ўзбек тили ҳам мазкур “мулоқот”дан четга чиқмаган ҳолда, мазкур интеграцияга қўшилди. Бу ҳақиқатда ҳам бизни шиддат билан ривожланаётган ахборот асрида коммуникация технологияларидан фойдаланишимизда, чет тилларини тез ўзлаштириш ва энг муҳими ўзбек тилини жаҳон саҳнасига олиб чиқишда, хорижийларни бизнинг тилимизга мослашишларида жуда қулай бўлади. Матн теришда эса 5-10% фоиз иқтисод қиламиз. Мактаб ўқувчилари эса тез савод чиқаришади.

М. Шахноза


Комментарии